Yangiliklar

«AS Qashqadaryo Servis» ДКга янги раҳбар тайинланди
2018-11-12 20:20:20 Yangiliklar
 
                          Yangiliklar

«ДжиЭм Узбекистан» АЖ «AS Qashqadaryo Servis» дилерлик маркази автомобиль савдоси бўйича сайёр текширувдан ўтказилган чоғида автосалон фаолиятини ташкиллаштиришда ҳамда мижозлар билан ишлашда кўплаб қонунбузарлик ва қўпол хатоларга йўл қўйилганлиги аниқланганлигини маълум қилади.

Хусусан қуйидаги хатолар аниқланди: 
- автомобиль савдосида тизимли ишлар йўлга қўйилмагани;
- электрон аризаларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олишда ўрнатилган тартибларга риоя қилмаганлик, хусусан рўйхатга қўйишда рад жавоби берилганлик;
- мижозларга ўз вақтида ва зарурий маълумотлар берилмаганлик;
- автомобилларга шартнома тузишда навбатга риоя қилинмаганлик;
- мижозни огоҳлантирмасдан аризаларни бекор қилиш;
- мижозлар учун қулай шароитлар мавжуд эмаслиги;
- ходимлар фаолиятида коррупция аломатларининг мавжудлиги, шунингдек мижозларсиз бир қатор шартномалар расмийлаштирилганлик ҳолатлари.

Текширув натижасида «AS Qashqadaryo Servis» ДК раҳбари лавозимидан озод этилди, унинг ўрнига янги раҳбар – Ҳамроев Шуҳрат Зокирович тайинланди. Унинг зиммасига мавжуд хатоликларни тўғрилаш, дилерлик маркази фаолиятини сифат ва хизмат жиҳатдан янги даражага кўтариш топширилди. Аввлроқ Ш.Ҳамроев Қашқадарё вилояти ёқилғи-энергетика савдоси мажмуасида фаолият юритган.

❗️Текширув натижасида аниқланган ҳужжатлар Қашақадарё вилояти ҳуқуқ-тартибот органларига экспертиза учун топширилди.

Шунингдек компания раҳбарияти томонидан автомобиллар савдоси ҳамда савдодан кейинги хизмат кўрсатиш ҳамда дилерлик корхонаси фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга ошириш топширилди. Автосалон Қамаши туманида жойлашгани боис «АS-Кашкадарья SERVIS» дилерлик корхонасининг Қарши шаҳрида филиали ташкил этилди. Филиал: Ислом Каримов кўчаси, 218 уйда жойлашади(мўлжал «Макро» супермаркети); тел.: 0-375-771-00-81; 0-375-771-00-82; 0-375-771-00-84; e-mail: askash.service@gm.uz

Эслатиб ўтамиз, агар дилерлик марказлари томонидан автомобиль харид қилиш учун қўшимча пул талаб қилишса, дарҳол 78 141 77 77 рақамлари орқали GM Uzbekistan колл-марказига ёки Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг 10-07 ягона ишонч рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Огоҳ бўлинг!

Биз билан қолинг!