Yangiliklar

TRADE-IN: Янги тизим – янги имкониятлар
2020-01-30 11:16:24 Yangiliklar
 
                          Yangiliklar

Ўтган йилнинг октябр ойи охирида “UzAuto Motors” АЖ автомобиль бозорида жаҳон амалиётидаги сўнгги тенденциялар асосида мижозларга сифатли хизмат кўрсатувчи Республикада биринчи TRADE-IN савдо-сотиқ марказини ишга туширди. Бу мамлакатимизда автомобиль сотиш учун бутунлай янги тизим ҳисобланади. Албатта, ушбу марказ ишга туширилгандан сўнг фуқаролар томонидан кўплаб мурожаатлар бўлди, саволлар йўлланди ва бу тизим уларда қизиқиш уйғотди.

Қайд етиш керакки, TRADE-IN маркази илк кунлардан бошлаб мамлакатимизнинг барча аҳолисига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Ушбу дастур доирасида яратилган кенг имкониятлар автоҳаваскорлар учун анча қулайлик яратиб, бу Ўзбекистонда янги савдо тизимининг янада ривожланишига ҳисса қўшиши аниқ.

Хўш, бу тизимнинг асосий моҳияти нимада? Эски автомобилни қандай қилиб янгисига алмаштириш мумкин ва бунинг тартиби нималардан иборат?

Биринчидан, автоҳаваскор ўзи миниб юрган машинасини ортиқча оворагарчилик ва югур-югурсиз узоғи билан 2 соат оралиғида янги автомобилга алмаштириши мумкин. Бунинг учун дастлаб машинанинг техник созлиги, умумий ҳолати, машина “калтак” еган ё емаганлиги, ишлаб чиқарилган йили ва қанча масофа юргани, умуман, белгиланган нормалар бўйича малакали мутахассислар кўздан кечиришади ва ҳар бир камчилик ёки нуқсонини махсус калкулятор орқали ҳисоблаб, шаффоф тарзда автомобилга маълум бир нарх белгилайди. Агар мижозга маъқул келса, танлаган янги машина нархи ўртасидаги фарқни тўлайди.

Шунингдек, бу ерда нафақат янги, балки компютер диагностикасидан ўтган ишлатилган автомобилни ҳам сотиб олиш хизмати мавжуд. Мижозга машинанинг техник ҳолати ва бошқа маълумотлар тўлиқ берилади. Фойдаланилган транспорт воситасининг қиймати келишув асосида белгиланади ва нарх далолатнома асосида расмийлаштирилади.

  • Бунда эьтиборли томони шундаки, мижоз учинчи шахсларнинг қаллоблик ҳаракатлари ва алдовларидан ҳимояланган бўлади, - дейди “СЕРГЕЛИ-АВТОТЕХХИЗМАТ” МЧЖ маркетинг ва савдо бўлими бошлиғи Элдор ШЕРМУҲАММЕДОВ, - Яъни, сотиб олиш мумкин бўлган фойдаланилган машиналар техник жиҳатдан соз бўлади. Чунки кўпгина мижозлар автомобилни техник томондан тушунавермайди ва бозорда унинг ички ҳолатини текшириш имконияти доим ҳам бўлмайди. Биздаги автомобиллар эса, техник кўрикдан ўтган, майда камчиликлари ҳам диагностика қилинган ҳамда бу нуқсонлар бартараф этилган бўлади. Қисқаси, биздан ишончли машина олишлари мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат, автомобилни сотишда нотариусга бориш ва бошқа қўшимча божлар тўлаш талаб қилинмайди. Фақатгина ДЙҲХХ дан қидирувда бўлмаганлиги тўғрисида, шунингдек автомобилнинг гаровга қўйилмаганлиги ёки тақиқда йўқлигини тасдиқловчи нотариус томонидан берилган маълумотномалар олиб келиниши керак. Барча битимлар бир жойда, замонавий усулда, қулай шароитларда муҳими, хавфсиз ўтказилади.

  •  Кўпдан бери янги машина сотиб оламан деб юрардим, лекин ҳеч вақтим ҳам, ортиқча маблағим ҳам бўлмай турганди, - дейди Тошкент вилояти Зангиота тумани Ўрта овул ҚФЙда яшовчи Зайниддин Якубов. – Тўғриси, эскисини олиб янгисига алмаштираркан деб эшитганимда, дастлаб ишонмагандим. Мана, ўзим келдим. Кўрдим. Анча йиллар хизмат қилган “Nexia” автомобилимни “Cobalt”га   алмаштирдим. Янги барибир янгида. Дастлаб машинамни техник кўрикдан ўтказишди. Тўғри, баъзи жойларида камчиликлари бор эди. Ўшаларни кўриб, муносиб баҳолашди. Очиғини айтсам, улар айтган нарх менга маъқул бўлди. Чунки бозорга олиб чиққанимда ҳам шунақа, керак бўлса бундан паст нархларни таклиф қилишганди-да.

Дарвоқе, TRADE-IN дастури бўйича дилерга берилган юрилган ва керакли параметрларга мос келган автомобиллар “Минилган автомобилни сертификатлаштириш” (МАС)нинг 172 та нуқта(параметр)си бўйича тўлиқ диагностикадан ўтказилади. Аниқланган нуқсонлар юқори малакали мутахассислар томонидан зарур бўлса таъмирланади, деталлари алмаштирилади ва бўялади. Автомобилларни тезкор ва сифатли таъмирлаш учун марказда энг замонавий жиҳозлар ва ишлаб чиқарувчидан эҳтиёт қисмларнинг катта омбори мавжуд. Ҳарид қилаётган машинангизнинг сифати ва техник жиҳатдан созлигига ишонсангиз бўлади.

  • TRADE-IN дастурининг қулайликлари кўп экан, бизга ёқди, - дейди Тошкент шаҳар Олмазор туманида истиқомат қилувчи Васила Абдураҳмонова. -  Биринчидан, сизни узоқ куттирмайди. Ҳаммаси тез ва содда тарзда амалга оширилади. Билмадим, янги машина олиш учун ойлаб кутганимиз бизга одат бўлиб қолганиданми, бу хизмат менга жуда маъқул. Иккинчидан эса, техник кўригидан тортиб машинангизни баҳолагунгача бўлган жараённинг барчаси шаффоф, очиқ. Хизматлари ҳам сифатли экан.  Айниқса, эски машинани топшираётганингизда ортиқча ҳужжат ва оворагрчиликсиз қабул қилиб олишлари ҳам анча қулайлик яратади, менимча. Нархлашларига келсак, ҳаммаси ҳаққоний, хуллас, сизни норози қилишмайди. 

Айтиш керакки, шу кунга қадар Тошкент шаҳрининг ўзида 350 га яқин эски автомобиль янгисига алмаштирилди. Бундан ташқари минилган машиналарнинг 250 дан ортиғи яна ўз эгаларини топди.

UzAuto Motors Service & Trade-In Center сервис ва савдо маркази автоҳаваскорлар учун кенг турдаги хизмат кўрсатувчи биринчи ва ягона автомобиль марказидир.

Маълумот учун ҳозирда юртимиз ҳудуди бўйлаб TRADE-IN дастури бўйича 38 та дилерлик маркази фаолият олиб бормоқда. Уларда  Tracker, Lacetti, Nexia-3, Spark, Cobalt ва Malibu автомобилларнинг турли ранг ва комплектациялари мавжуд.

Батафсил маълумотларни trade-in.uz веб-сайти ва +998781207077 телефон рақамларидан олишингиз мумкин!