Yangiliklar

“Ўзавтосаноат”да дилерлар билан навбатдаги учрашув ўтказилди
2020-03-16 10:21:15 Yangiliklar
 
                          Yangiliklar

14 мартда “Ўзавтосаноат”да UzAuto Motors расмий минтақавий дилерлари билан очиқ учрашув ўтказилди.

Очиқ мулоқот шаклида дилерлар компаниянинг масъул вакиллари билан сотувлар стратегияси трансформациясининг зарурлиги, кафолатли ва сервис хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, эҳтиёт қисмларни сотиш ва бошқа масалаларни муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.

Сотув ва мижозларга хизмат кўрсатишнинг асосий шахобчалари сифатида, дилерлик марказлари истеъмолчи билан ўзаро муносабатларнинг ягона нуқтаси саналади. Бугунги кунда барча дилерлар ҳам ўз вазифларини виждонан бажармоқдалар, деб бўлмайди – сифатсиз хизмат тақдим этиш ҳолатлари учраб турмоқда, бу эса, шубҳасиз, компания обрўсига путур етказади. Кафолатли хизмат кўрсатишдан бўйин товловчи ёки дилернинг харидор олдидаги мажбуриятлари тўғрисида нотўғри ахборот берувчи дилерлар учраб туради. Айнан шу сабабли расмий дилерлар томонидан мижозларга самарали ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш – UzAuto Motors компаниясининг устувор вазифаларидан биридир.

Бугунги кунда компания мижозларга хизмат кўрсатиш, сервис хизмати  сифатини ошириш ва дилерлик тармоғи глобал дастурини амалга оширмоқда. Асосий мақсад – аҳолини сифатли хизмат билан таъминлаш, шикоятлар ва салбий мулоҳазаларни камайтириш ва бора-бора шикоят тушмаслигига эришиш. Дилерлар учун мижозларга хизмат кўрсатишнинг халқаро талабларга мувофиқ келувчи ягона стандарти ишлаб чиқилади ва татбиқ этилади.  Ушбу стандартлар нафақат мажбурий сотуволди ва ундан кейинги таомилларни, балки ходимлар хатти-ҳаракатининг умумий маданияти, савдо заллари безатилиши, мижозлар учун қулайликлар яратиш ва ш.к.ни ҳам ўз ичига олади.

Бундан ташқари, UzAuto Motors томонидан хизмат кўрсатиш стандартлари ва кафолат хизмат кўрсатилиши бўйича мажбуриятларни бузувчи дилерлар учун жарима қўллаш тизими ҳам ишлаб чиқилди. Ушбу тизим қоидабузарлик турига қараб жарима қўллашни ва кўп бора (тўрттагача) қоидабузарлик рўй берган ҳолда дилерлик келишуви бутунлай бекор қилинишини кўзда тутади.

UzAuto Motors экспорт дилерлик тармоғи ривожланишининг зарурлиги алоҳида қайд этилди, унинг доирасида компания экспорт бозорларида Chevrolet автомобиллари савдоси билан шуғулланиш бўйича ҳамкорликка таклиф этади. Учрашувда дилерларга чет элда Chevrolet автомобиллари савдосини ривожлантириш соҳасидаги асосий жиҳатлар тўғрисида, бу уларга компаниядан қўшимча маржага эга бўлиш имконини бериши ҳақида айтиб ўтилди.

Дилерлар фаолиятидаги муҳим йўналиш компаниядаги корпоратив сотувлар ва сервис ривожланиши саналади. Бугунги кунда UzAuto Motors давлат тузилмалари, ҳар қандай мулкчилик шаклига эга, турли тармоқларга тегишли, турфа кўламдаги компаниялар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади ва автомобиллар сотилишида ва корпоратив мижозлар автопаркига сервис хизматини кўрсатишда махсус шартлар таклиф этади. Қайд этилдики, автомобиль сотиб олишнинг махсус дастурлари доирасида дилерлар ҳар бир корпоратив мижозга индивидуал ёндашувни таъминлашлари лозим.

Тадбир якунларига кўра, бундай учрашувларни камида ойда бир марта ўтказиш таклифи киритилди, бу олдинга қўйилган вазифаларни ўзаро мувофиқликда ва тартибли амалга ошириш имконини беради.

Ҳурматли харидорлар, UzAuto Motors компанияси сифатли хизмат кўрсатилувчи замонавий дилерлик тармоғини яратишни ўзининг мақсади деб билди. Компания учун харидорлар ҳуқуқлари бузилиши ёки дилерлик марказларларида сифатсиз хизмат кўрсатилишининг ҳар бир ҳолати ҳақида билиши, уларни бартараф этиш учун, муҳим саналади. Агар сиз шундай ҳолатларга дуч келсангиз, тезкор алоқа линияси (78) 147 14 14, колл-марказ (78) 141 77 77 ёки @UzAutomoto_bot орқали UzAuto Motors компаниясига мурожаат қилишингизни сўраймиз.