Yangiliklar

“Ўзавтосаноат” АЖнинг Самарқанд вилоятидаги Malibu автомобилини харид қилишда юзага келган вазият бўйича расмий баёноти
2019-04-20 23:03:31 Yangiliklar
 
                          Yangiliklar

18 апрель куни kun.uz сайтида харидорларимиздан бири GM Uzbekistan’нинг Самарқанд вилоятидаги дилерлик марказидан Malibu автомобили харид қилинганидаги ҳолатга оид мақола чоп этилди (http://cc.uz/160cj).  

“Ўзавтосаноат” АЖ GM Uzbekistan номидан мазкур харидорга маҳаллий ишлаб чиқарувчига бўлган содиқлиги учун миннатдорчилик билдиради. Зеро харидор Ўзбекистон бозорида ушбу нархга чет эл ишлаб чиқарувчисининг автомобилини харид қилиш имкони бўлган ҳолда, миллий русумдаги автомобилни танлагани унинг GM Uzbekistan компаниясига бўлган ишончига далолатдир. 

Аксарият харидорлар гувоҳи бўлганларидек, “Ўзавтосаноат” АЖ ва GM Uzbekistan томонидан сўнгги йилларда автомобиллар хариди жараёнидаги кўп нохуш ҳолатлар бартараф этилди ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш сифати оширилди. Компания автомобиль хариди жараёнида шаффофлик ва қулайликни ошириш борасида жуда кўплаб ижобий натижаларга эришди. Автомобилни харид қилиш учун электрон ариза қолдириш ва навбатни кузатиш имконияти, шартнома тузиш учун агентларнинг талабга кўра харидорлар олдига бориш хизмати, автомобилларнинг кафолат муддати узайтирилиши ва бошқалар шулар жумласидандир.

Яқин даврларда ҳам харидорлар автомобилларни 45 дақиқада олиб кетиш мумкинлиги ёки уйдан чиқмасдан туриб ариза топширишни тасаввур ҳам қила олмасди. Бугунги кунда эса бу ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайдиган одатий амалиётга айланишга улгурди.

Буларнинг барини амалга оширишга тармоқ бошқарувига танқидий ёндашув ва мамлакат раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши туфайли муваффақ бўлинди.

"Ўзавтосаноат" АЖ корхоналари мижозларининг конструктив танқидлари компанияга ўз фаолиятини таҳлил қилиш ва тизимдаги камчиликларни аниқлаш имконини беради. Бу ҳаётий мисол асосида прецедент текширувини ўтказиш ҳамда нафақат алоҳида мижознинг муаммосини ҳал этиш,  балки,  мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун бошқарув жараёнига ўзгартишлар киритиш мумкин бўладиган ҳолатдир.

GM Uzbekistan тимсолида "Ўзавтосаноат" АЖ инцидентни беэътибор қолдирмайди ва масалани ҳал қилишга бор кучини сарфлайди.