Yangiliklar
«GM Uzbekistan» АЖ дилерлик марказлари томонидан амалга оширилаётган қоидабузарликларни аниқлаш борасидаги амалий ҳаракатларни давом эттирмоқда. «ТошкентАвтосавдо» МЧЖга амалга оширилган кўчма текширув чоғида тизимли равишда хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди ва бунинг натижасида ушбу корхонага янги бошқарув раиси Дилшодбек Бакиев тайинланди.
Дилерлик корхонасида мавжуд ҳужжатлар ўрганилганда 2018 йилнинг август-сентябрь ойларида сотилган автомобиллар бўйича тузилган ноқонуний ҳужжатлар мавжудлиги, сотилган автомобиллар бўйича тўлов режасида қоидабузарликлар, автомобилларни сотиш бўйича тизимли ишлар таъминланмаганлиги, ўтказилаётган акцияларнинг қоидаларига қатъий амал қилинмаганлик, мижозларга автомобиль харид қилиш бўйича тўғри маълумот тақдим этилмаганлик ҳамда call-марказ мавжуд эмаслиги каби ҳолатлар аниқланди.
Шунингдек шартномаларни расмийлаштиришда бир қатор қоидабузарликлар, хусусан, автосалон муҳри, мижозлар имзоси, паспорт нусхалари ҳамда тўлов амалга оширилганлиги ҳақидаги ҳужжатларнинг йўқлиги намоён бўлди. 37 дона автомобиль етказиб бериш тўғрисидаги шартнома харидорлар иштирокисиз тузилганлиги маълум бўлди. Шунингдек автомобилларни сотишда илова қилинган ҳужжатларда мижозларнинг имзолари сохталаштирилганлиги эҳтимоли текширилмоқда.
Аввалроқ «Soft Locus» ХК директори лавозимида фаолият юритган «ТошкентАвтосавдо»нинг янги раҳбари зиммасига автосалон ишини тўғри йўлга қўйиш ҳамда олдига қўйилган вазифаларни виждонан бажариш каби масъулият юкланди.
Эслатиб ўтамиз, компания номақбул фаолият олиб бораётган дилерлик марказларини аниқлаш борасидаги ишларни давом эттиради. Агар сиз дилерлик марказлари томонидан қонунбузарлик, харидорлардан қўшимча пул маблағлари талаб қилиниши ҳолатларига дуч келсангиз, 71 141 77 77 рақамлари орқали GM Uzbekistan call-марказига ёки 10-07 рақамлари орқали Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилишингизни сўраб қоламиз. Сизнинг мурожаатингиз оператив тарзда ҳал этилади. Барча ҳолатлар алоҳида назоратга олинади.
❗️Айтиш жоизки, текширувлар давомида аниқланган барча ҳужжатлар экспертиза учун ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этилган.
Сабрингиз ва ҳамкорлигингиз учун миннатдорчилик билдирамиз!