Yangiliklar

Қозоғистонда маҳаллий бозорда ишлаб чиқарилган Chevrolet автомобиллари савдосига старт берилди
2020-04-28 13:48:37 Yangiliklar
 
                          Yangiliklar

«UzAuto Motors» АЖ қозоғистонлик ҳамкори «СарыаркаАвтоПром» МЧШ (Масъулияти чекланган ширкати) билан биргаликда ўзининг «Keles Distribution» МЧШ савдо тармоғи орқали Қозоғистонда Chevrolet автомобиллари савдоси бошлаганини эълон қилди.

Дастлабки босқичда Chevrolet русумидаги енгил автомобиллар орасида энг машҳур бўлган Malibu автомобили, шунингдек Cobalt ва Nexia  моделлари, Damas минивени, Labo юк машинаси ва Trailblazer кроссовери Қозоғистон Республикасидаги дилерлар тармоғига келиб тушди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Қозоғистонда Damas ва Labo автомобиллари Chevrolet брендининг бошқа моделлари орасида олдиндан буюртмалар бўйича етакчи ҳисобланади. Ишлаб чиқарувчилар буни кичик ва ўрта бизнес корхоналари орасида бугунги оғир вазиятда маҳсулотларни етказиб беришда фойдаланиш учун тежамкор ва функционал машинага бўлган талабнинг юқори даражада ўсиши билан боғлиқ деб ҳисобламоқда.

Апрель ойининг охирига келиб Қозоғистон бозорида расман Chevrolet Tracker автомобилининг чиқарилиши ҳам режалаштирилган.

«Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ҳар бир» Chevrolet автомобили General Motors’нинг халқаро сифат стандартларига тўла мос келади. Биз уларга ишонч ва ҳамкорлик учун миннатдорлик изҳор этамиз», - дейди «СарыаркаАвтоПром» МЧШ директори Сырым Семейбаев.

Унинг сўзларига кўра General Motors компанияси дилерларнинг мижозларни қўллаб-қувватлаш ва юқори сифатли хизмат кўрсатишга қаратилган юқори даражадаги тайёргарлиги ва тажрибасига, автомобилларни тақдим этишдан тортиб, хизмат кўрсатишгача алоҳида эътибор қаратади.

«Қозоғистон Республикаси ҳукумати мамлакат автомобиллар паркини янгилаш учун шароитларни таъминлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Ўз навбатида, биз ишлаб чиқарувчилар сифатида автомобиль ишқибозларига нархлар ва функционал жиҳатдан мижозлар учун фойдали бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда энг кенг имкониятларни тақдим этамиз», - дейди Сырым Семейбаев. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин иштирокида Костанайда UzAuto Motors томонидан «СарыаркаАвтоПром» МЧШда Chevrolet автомобилларни оммавий ишлаб чиқарилиши бошланган эди.