Yangiliklar

UZAUTO MOTORS РАСМИЙ БАЁНОТИ
2020-10-12 00:48:07 Yangiliklar
 
                          Yangiliklar

2020 йил 9 октябрь, Тошкент. “UzAuto Motors” АЖ Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу автомобиль ишлаб чиқарувчига нисбатан кўриб чиққан иш юзасидан чиқарилган хулосаларини қатъий рад этади. Амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган ҳуқуқидан фойдаланиб, компания МҚКҚнинг ушбу ҳолатга қўллаб бўлмайдиган ҳужжатлар ва хато ҳисоб-китобларга асосланган қарорига суд тартибида эътироз билдиришни кўзда тутади.

Жараённи шарҳлар экан, “UzAuto Motors” АЖ юридик бошқармаси раҳбари Рустам Шаймардонов қайд этди:

“МҚКҚ текширувга жалб этган экспертларнинг салоҳиятсизлиги мижозлар базамизнинг бир қисмининг кўнгли совишига олиб келганлигидан афсусдамиз. Оммавий майдонда эълон қилинган шошилинч популистик баёнотлар ўн минглаб одамлар томонидан давлат кафолати сифатида қабул қилинди, тартибга солувчининг қарори устидан судда эътироз билдириш мумкинлиги борасидаги изоҳ эса, кўп ҳолда беэътибор қолди. Натижада қўмитанинг масъулиятсизлик билан қилган хатти-ҳаракати орқали расмий шахслар баёнотига бўлган ишончга путур етди.

Кеча, 8 октябрь куни, МҚКҚ даъволарининг ҳар бир банди бўйича UzAuto Motorsнинг позицияси оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Расмий баёнотда бу айбловлар ишларнинг реал ҳолатига мувофиқ келмаслиги тафсилотларини ёритиш имконсиз бўлгани сабабли, биз манфаатдор шахсларни қуйидаги ҳаволалар орқали улар билан танишишга таклиф этамиз: https://uzzoom.uz/posts/527-uzauto-motors-monopoliyaga-qarsi-kurasis-qmitasining-davolariga-zavob-berdi
Мижозлар манфаатларига садоқат UzAuto Motors учун устувор бўлиб қолаверади, аммо бу ҳеч кимга кимнингдир сиёсий ниятлари йўлида уни суиистеъмол қилиш ҳуқуқини бермайди. Компаниянинг вазифаси – энг йирик миллий корхоналардан бирини банкротликка олиб бориш борасидаги бузғунчи сценарийни амалга оширишга йўл қўймаслик, ваҳоланки, МҚКҚ тавсияларига риоя этиш айнан шундай оқибатга олиб келиши мумкин. Амалда бизни қарийб триллион сўмни давлат бюджетига ўтказиш ўрнига, уни карантин даврида янги автомобиллар харид қилган бир неча ўн минг одам ўртасида тақсимлашга мажбур қилмоқдалар.

МҚКҚ томонидан текширув учун юборилган ходимлар айбловларининг мантиқсизлиги ва ўзларининг профессионализмдан йироқ эканликлари ҳақида тўхталиб ўтирмай, оппонентларимизга ахлоқ борасида саволлар йўлламоқчимиз. Ҳозир, пандемия ва иқтисодий инқироз даврида ўзининг юз минглаб ходимлари ва шерикларини даромад билан таъминлаётган улкан заводни, қолаверса, халқ хўжалигининг ёндош тармоқлари, жумладан илм-фан, кимё, металлургия ва бошқа соҳалар учун локомотив вазифасини ўтовчи заводни зарарга киришига уриниш қанчалик ўзини оқлайди? UzAuto Motors мижозлари манфаатларини республиканинг ўттиз тўрт миллионлик аҳолиси эҳтиёжларига сунъий равишда қарама-қарши қўйиш қанчалик зарур? Ишлаб чиқаришни вайрон қилиш баробарида давлат бюджетини мамлакат ижтимоий ҳаёти ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун сув ва ҳаводек зарур бўлган йиллик қарийб беш триллион сўмлик тушумдан маҳрум қилиш қанчалик тўғри?

Агар буларнинг бари ҳақиқатан зарур бўлса ва муқобил ечимга эга бўлмаса, суд шундай қарор қилса, компаниямиз, ҳеч бўлмаса, тармоқ ва соғлом мантиқни ҳимоя қилиш учун қўлдан келган барча ишни бажарганлигимизни англаган ҳолда, ҳар доимгидек қонун талабларига риоя қилади.