Yangiliklar
20 октябрда Интернетда гўёки UzAuto Motorsнинг Damas автомобиллари учун деталлар тайёрланадиган корейс ишлаб чиқариш корхонасидан олинган видео тарқалди.
Роликни ўрганиш унда кўрсатилган буюмлар умуман Damas учун авто эҳтиёт қисмлар эмас, балки эҳтиёт қисмларни ИШЛАБ ЧИҚАРИШ жиҳозларининг деталлари эканлигини кўрсатди. Демак, олинган видео, аслида, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришдаги муаммоларни эмас, балки, аксинча – Ўзбекистонда ишлаб чиқариш кенгайганлигини намоён этмоқда.
Ҳаммаси оддий: UzAuto Motorsнинг Хоразмдаги заводида Damas ва Labo моделлари учун штампланган компонентлар ишлаб чиқариш бўйича янги цех қурилмоқда. Ушбу лойиҳа учун станок жиҳозларини етказиб бериш билан айнан Kyungki Industrial Co., Ltd (Корея Республикаси) компанияси шуғулланади, юқоридаги ролик ўша ерда суратга олинган.
Кейинги пайтда Ўзбекистонда маҳсулотни маҳаллийлаштиришга катта эътибор берилмоқда ва шу сабабли барча тармоқлар олдига маҳаллийлаштиришни кенгайтириш вазифаси қўйилган. Ушбу вазифани бажариш учун ишлаб чиқариш жиҳозлари харид қилинмоқда, видеода кўрсатилган станок ҳам улардан бири эди.
Бундай станоклар саноқли миқдорда талаб этилгани сабабли, табиийки, уларни ишлаб чиқаришни Ўзбекистонда жорий этиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди – бундай корхона умуман ўзини оқламайди. Афтидан, Kyungki Industrial Co., Ltd ходими ва бизнинг юртдошимиз бўлган видео муаллифи буни ҳисобга олмаган ёки аудиториядан атайин яширган.