Yangiliklar

GM UZBEKISTAN АНДИЖОН ВИЛОЯТИДАГИ ИЛК СИҲАТГОҲНИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРДИ
2018-07-13 11:51:46 Yangiliklar
 
                          Yangiliklar

11 июль куни Хонобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли топшириқларига асосан барпо этилган Андижон вилоятида ягона бўлган “Хонобод” сиҳатгоҳининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 
Тадбирда ҳукумат, ҳокимлик ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. 
Энг сўнгги замонавий тиббиёт ускуналар билан жиҳозланган муассасасини бунёд этиш учун GM Uzbekistan компанияси барча зарурий ишларни амалга оширди. Сиҳатгоҳ денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган бўлиб, у ўзининг кислород билан тўйинган ионлаштирилган ҳавоси билан юқори ва қуйи нафас органлари, ҳаракат-таянч, асаб тизими касалликларини даволашга ихтисослашган. 
Сиҳатгоҳ ҳудуди 10,5 гектарни ташкил қилиб барча корпуслар боғ ҳудудида жойлашган ҳамда манзарали дарахтлар, арчалар ва гуллар билан ўралган. Сиҳатгоҳда замонавий спорт майдонлари, сув ҳавзалари, интернет wi-fi, болалар майдончалари дам олувчиларнинг мароқли хордиқ чиқаришлари учун хизмат қилади.
Ўтган давр мобайнида мазкур иншоот барпо этилишида 800 нафар қурувчи ва ишчи ходимлар хизмат қилди. Сиҳатгоҳ очилиши маҳаллий аҳолига ишчи ўринлари яратишда ҳам мухим аҳамият касб этди. Сиҳатгоҳ бир вақтнинг ўзида 200 нафар кишини қабул қилиш имконига эга бўлиб, уларга мажмуанинг 130 дан ортиқ ходим барча зарурий хизматларни кўрсатади.

GM Uzbekistan Жамоатчилик билан алоқалар хизмати