Yangiliklar
Бугун айрим оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан «GM Uzbekistan» автомобилларининг туманга қарши фараларсиз етказиб берилганлиги ҳолатлари аниқланганлиги бўйича хабар эълон қилинди.
Автомобилларни туманга қарши фараларсиз харидорларга етказилиш ҳолатлари мазкур бутловчи қисмнинг етказиб берилишида кечикиш юзага келганлиги сабабли харидорларни огоҳлантирган ва улар билан келишилган ҳолда амалга оширилган. Автомобилларни эгаларига ўз вақтида етказиб бериш мақсадида компания уларни вақтинча туманга қарши фараларсиз, кейинчалик ўрнатиб бериш шарти билан қарор қабул қилган.
Туманга қарши фараларнинг Монополияга қарши курашиш қўмитасининг талаби билан қўйиб берилганлиги ҳақиқатга тўғри келмайди, сабаби автомобилларга мазкур бутловчи қисмларни ўрнатиб бериш «GM Uzbekistan» компанияси томонидан доимий назоратда бўлган ва бу ҳақда харидорлар ҳам огоҳлантирилган.
Шу ўринда компания томонидан ишлаб чиқарилган автомобилларнинг хариди жараёнида юзага келган ҳар қандай масалада компаниянинг 78 147-14-14 Ишонч телефони ҳамда 78 141-77-77 колл-марказига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.